Испания конституцион суди Каталония мухтор жамоатида коррида ўйинларини ўтказишда ўрнатилган чекловни бекор қилди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар бермоқда.
2010 йилда Каталония парламенти буқаларга қарши жангни бекор қилиш тўғрисида қарор қабул қилган эди. Бунда асос сифатида тадбирлар ўтказишнинг минтақавий нормалари ҳамда жониворларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунлар олинган эди.
Аммо Мадрид бу масала маҳаллий ҳокимият қўлида эмас, деган фикрга келди. Натижада коррида қайта тикланди, негаки, испан қонунчилигига мувофиқ, у миллий маданий мероснинг бир қисми ҳисобланади.
Испанияда коррида жамоатчилик орасида кескин баҳсларга сабаб бўлмоқда. Бир гуруҳ фаоллар уни жониворларга нисбатан шафқатсиз муносабатда бўлиш деб баҳоласа, бошқалар миллий маданий мерос сифатида кўрмоқда.
Изоҳ (0)