Пентагон ИШИД матбуот котиби Абу Муҳаммад ал-Адноний Сурияда АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари авиазарбаси натижасида ўлдирилганини маълум қилди. Бу ҳақдаги баёнот 12 сентябрь, душанба куни вазирлик сайтида жойлаштирилди, дея хабар беради «РБК».
«Мудофаа вазирлиги АҚШ ҲҲКнинг 30 августдаги ИШИД юқори мартабали етакчиси Абу Муҳаммад ал-Аднонийга қаратилган аниқ зарбаси муваффақиятли бўлганини тасдиқлади», — дейилади Пентагон расмий вакили Питер Кукнинг баёнотида.
Ал-Аднонийнинг Сурияда йўқ қилингани ҳақида 30 августда маълум бўлди. Ўша куннинг ўзида Reuters Пентагон вакилига таяниб, авиазарбани АҚШ бошчилигидаги коалиция авиацияси берганини билдирди. Россия мудофаа вазирлиги ўз навбатида Ал-Адноний Алеппо вилоятида Су-34 зарбаси натижасида ўлдирилганини маълум қилди. Мудофаа соҳасидаги америкалик мансабдорлар эса бу хабарни «ҳазил» деб атади.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)