Мустақилликнинг дастлабки кунларидан бошлаб замон талабига жавоб берадиган янги авлод кадрларини тайёрлаш вазифасига алоҳида эътибор қаратилди. Бу ҳақда Президент Ислом Каримовнинг Ўзбекистон халқига мустақилликнинг 25 йиллиги муносабати билан йўллаган байрам табригида айтилди. Табрик матнини ЎзА тақдим этди.
«Биз танлаган йўл — машҳур беш принципга асосланган тараққиёт стратегияси нақадар тўғри эканини оғир синовлардан ўтиб, мамлакатимиз ривожи учун мустаҳкам замин бўлиб қолганини ҳаётимизнинг ўзи исботлаб бермоқда. Бунинг тасдиғини мустақилликка эришганимизнинг дастлабки кунларидан бошлаб энг ўткир ва ҳал қилувчи масала — замон талабига жавоб берадиган янги авлод кадрларини тайёрлаш вазифаси мисолида яққол кузатиш мумкин», — деб таъкидлади Ислом Каримов.
«Агарки биз 19 йил олдин эски қолип ва асоратлардан воз кечиб, Кадрлар тайёрлаш миллий дастури ва унинг узвий давоми бўлган Мактаб таълимини ривожлантириш умуммиллий дастурини қабул қилиб, таълим-тарбия тизимини тубдан ўзгартирмасак, бунинг учун давлатимиз ва бутун жамоатчилигимизнинг куч ва имкониятларини сафарбар этмасак, бугунги аҳволимиз қай даражада бўлишини тасаввур қилиш қийин эмас, — сўзида давом этди давлат раҳбари. — Ҳеч иккиланмасдан айтишга барча асосларимиз бор — ҳозирги кунда лицей ва коллежларни, олий ўқув юртларини битириб чиқаётган, ҳаётга янгича қарайдиган минг-минглаб ёшларимиз биз учун, келажагимиз учун тоғдек таянч бўлиб, мамлакатимизда олиб борилаётган барча ислоҳотларнинг ташаббускори ва ижрочиси бўлиб майдонга чиқмоқда».
«Ватанимизнинг келажаги ва тақдирини ўз қўлига олишга қодир бўлган бундай янги авлодни тарбиялашга қаратилган дастурларни ўз вақтида қабул қилганимиз ва давлат сиёсати даражасига кўтарганимиз янги жамият қуришимизда ҳақиқатан ҳам ҳал қилувчи роль ўйнамоқда», — қўшимча қилди Президент.
Изоҳ (0)