БМТ Туркия томонидан Сурия ҳудудида бошланган ИШИДга қарши қуруқликдаги операцияни диққат билан кузатиб бормоқда ва Анқара ҳамда бошқа давлатларни халқаро меъёрларга риоя этиш, тинч аҳоли хавфсизлигини таъминлашга чақиради. Бу ҳақда халқаро ташкилот бош котибининг расмий вакили Стефан Дюжаррик маълум қилди, дея хабар беради «ТАСС».
«ИШИД ва бошқа террорчи гуруҳлар билан кураш халқаро ҳамжамият учун асосий масала бўлиб қолмоқда. Бош котиб ИШИДнинг Туркияга нисбатан ҳужумларини қатъий қоралаб келган. Шу билан бирга, БМТ барчани халқаро меъёрлар ва тамойилларни ҳурмат қилишга чақиради. Томонлар ҳар қандай шароитда ҳам тинч аҳоли ва фуқаролик инфраструктураси объектларини ҳимоя қилиши лозим», — дея таъкидлаган Дюжаррик.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)