Эрон президенти Масъуд Пезешкиён ташқи сиёсатда қўшни давлатлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш лозимлигини таъкидлади. Бу ҳақда Anadolu хабар берди.

Мустаҳкам алоқаларни йўлга қўйиш масаласи ҳақида президент Ташқи ишлар вазирлиги ходимлари билан учрашувда маълум қилган. Унга кўра, Исроил ва АҚШ томонидан мамлакатга қилинган ҳужумларга қарамай, Эрон дипломатияси ўз кучини йўқотмаган.
“Айрим элчихоналаримиз вақтинча ёпилганига қарамай, дипломатларимиз ўз вазифасини давом эттирди. Улар халқимизнинг овозини дунёга етказиб, халқаро алоқаларни сақлаб турди”, деди Пезешкиён.
Президентнинг таъкидлашича, Олий раҳнамо Оятуллоҳ Али Хоманаий тавсияларига биноан, ҳозирги шароитда ҳимоя, хавфсизлик ва дипломатия йўналишларини фаол давом эттириш лозим.
“Дипломатик соҳадаги ҳамкасбларимиз бу йўлда катта меҳнат қилмоқда. Биз эса давлатимиз сиёсати доирасида ташқи алоқаларни ривожлантириш, айниқса қўшни давлатлар билан яқин, чуқур ва барқарор муносабатлар ўрнатишга эътибор қаратишимиз талаб этилади”, деди Пезешкиён.
У БРИCС ва Шанхай ҳамкорлик ташкилоти аъзолари билан ҳам ҳамкорликни кенгайтириш зарурлигини таъкидлаб, бу борада Россия, Хитой ва бошқа ҳамкор давлатлар билан муносабатлар давом этишини қўшимча қилди.
“Биз, айниқса, Туркия, Туркманистон, Озарбайжон, Афғонистон, Покистон, Ироқ ва Форс кўрфази мамлакатлари билан алоқаларни мустаҳкамлашимиз жуда муҳим. Агар улар билан муносабатларни кучайтирсак, катта ютуқларга эришишимиз мумкин. Бунда фақат дипломатлар эмас, балки ишбилармонлар, маданият арбоблари, олимлар, ҳаттоки сайёҳлар ҳам фаол бўлиши керак”, деган Эрон президенти.
Изоҳ (0)