“Барселона” ҳужумчиси Роберт Левандовски испан ОАВларига берган интервьюсида 2025/26 йилги мавсум якунида клубни тарк этиши мумкинлиги ҳақидаги саволларга жавоб берди.

Тажрибали форвард ҳозирча бу борада аниқ қарорга келмаганини таъкидлади:
Тўғрисини айтсам, ҳозир келажагим ҳақида ҳеч нарса дея олмайман. Сабаби мен энди узоқ муддатли режа тузадиган ёшда эмасман. Мавсум якунида нима бўлиши унчалик муҳим эмас. Муҳими — айнан ҳозир, бу мавсумда нималарга эриша олишим. Мен ўзимни хотиржам ҳис қиляпман. Аввало мавсум қандай якунланишини кўрайлик, кейин бу борада ўйлаб кўраман, дея Левандовскининг сўзларини келтиради Sport.es нашри.
Аввалроқ ОАВда “Барселона” Маркус Рэшфордни харид қилгани фонида, Левандовски ўз келажаги борасида хавотирга тушганлиги ҳақида хабарлар тарқалган эди. Сабаби инглиз ҳужумчиси ҳам қанотда, ҳам марказда ўйнай олади, бу эса Левандовскининг асосий таркибдаги ўрнига таъсир қилиши мумкин.
Эслатиб ўтамиз, Роберт Левандовски ўтган мавсумда “Барселона” сафида барча мусобақалар доирасида 52 ўйинда майдонга тушиб, 42 та гол ва 3 та голли узатма муаллифига айланган. Унинг клуб билан тузган шартномаси 2026 йил ёзигача амал қилади. Transfermarkt портали полшалик ҳужумчининг бозор қийматини ҳозирда 12 миллион евро деб баҳоламоқда.
Изоҳ (0)