Таиланд ва Камбожа ўртасидаги қуролли можаролар АҚШ президенти Дональд Трамп воситачилигига қарамай, 3 кундан бери давом этмоқда. Ҳозиргача камида 33 киши ҳалок бўлиб, 168 мингдан ортиқ аҳоли хавфсиз ҳудудларга кўчирилган. Бу ҳақда Al Arabiya хабар берди.

Трамп 26 июль куни ижтимоий тармоқда Таиланд ва Камбожа раҳбарлари билан суҳбатлашганини маълум қилиб, агар уруш тўхтамаса, бу давлатлар билан савдо шартномаларини музлатиб қўйишини билдирганди. Шундан сўнг, ҳар икки томон оташкесим бўйича музокарага тайёрлигини эълон қилган.
Камбожа бош вазири Хун Манет зудлик билан шартсиз оташкесимга рози бўлганини маълум қилган. Таиланд эса принципиал жиҳатдан бунга қўшилишини билдирган бўлса-да, Камбожанинг “чин дилдан” музокарага киришишини талаб қилган.
Шунга қарамай, 27 июль куни ҳам жанглар давом этмоқда. Таиланд армияси вакили полковник Рича Суксованонтга кўра, Камбожа ҳарбийлари тонгда Таиланд ҳудудига ўқ узиб, тинч аҳолининг уйлари ва қадимий Та Муэн Тҳом ибодатхонасига ҳужум қилган. Таиланд бунга артиллерия зарбалари билан жавоб қайтарган.
“Трампнинг воситачилик ҳаракатлари бошқа масала. Майдондаги жанглар эса давом этаверади. Қачонки Камбожа музокараларга расмий равишда киришса, шунда ўт очишни тўхтатиш масаласига ўтилади”, деди полковник.
Камбожа Мудофаа вазирлиги эса Таиландни зиддиятни кучайтиришда ва халқаро ҳуқуқ билан тақиқланган кластер бомбалардан фойдаланишда айбламоқда. Расмийлар ҳужумлар тинч аҳолининг ўлимига ва инфратузилманинг вайрон бўлишига олиб келганини билдирган.
Изоҳ (0)