Туркия бош вазири Биноли Йилдирим АҚШни мухолифатчи ва ислом тарғиботчиси Фатхулла Гюленни экстрадиция қилиш жараёнини иложи борича тезроқ бошлашга чақирди, деб ёзади «ТАСС» Туркиянинг Daily Sabah газетасига таяниб.
«Биз жараён тезлаштирилишини истаймиз. Бу одам давлат тўнтаришига етакчилик қилган. Нимани кутяпмиз? Икки мамлакат ўртасидаги келишув аниқ-равшан», — дея Туркия бош вазири сўзларидан иқтибос келтирди газета.
Вашингтон айни пайтда Анқарадан Гюленнинг амалга ошмай қолган давлат тўнтаришига алоқадорлиги бўйича далилларни олмаганини айтди, шу туфайли АҚШ маъмурияти Туркия ҳукуматининг мухолифатчини экстрадиция қилиш сўровига рад жавоби беришга мойил бўлиб турибди.
16 июлга ўтар кечаси Туркияда исёнчилар гуруҳи давлат тўнтаришини амалга оширишга уринди. Фитначиларни ҳисобга олмаганда, 240 дан зиёд киши ҳалок бўлди, икки мингдан ортиқ киши яраланди. Анқарадагилар ушбу ҳодиса учун 1999 йилдан буён АҚШда яшаб келаётган Гюленни жавобгар деб ҳисоблайди.
Изоҳ (0)