Колумбияда 19 август, жума куни Габриэль Гарсиа Маркес тасвири туширилган купюралар муомалага киритилди. Банкнота тақдимоти ёзувчи туғилиб-ўсган Аракатака шаҳри жойлашган департамент пойтахти Санта Мартада ўтказилди. Бу ҳақда TJournal хабар бермоқда.
50 минг песо номиналидаги купюранинг олд томонида Маркес портрети жойлаштирилган. Портрет ёнида Нобель мукофоти лауреати бор қадди-басти билан, капалаклар қуршовида тургани тасвирланган. Буни унинг машҳур «Ёлғизликнинг юз йили» романига ишора тарзида қабул қилиш мумкин.
Банкнотанинг орқа тарафига Колумбиянинг чекка тоғли ҳудуди — Сьерра-Невада-де-Санта Марта туб аҳолисига мансуб икки ҳинду сиймоси туширилган. Улар купюрага ғойиб бўлган цивилизация хотираси учун жойлаштирилгани билдирилмоқда.
Изоҳ (0)