14 июль куни Ниццада амалга оширилган теракт натижасида жабрланганлардан бири олган жароҳатлари туфайли касалхонада вафот этди. Бу ҳақда Франциянинг қурбонларга кўмак бериш бўйича давлат котиби Жюльетт Меадель маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
«Биз Ниццадаги теракт чоғида яраланган эркакнинг вафот этгани ҳақида қайғу билан хабар топдик. Энди ўлдирилганлар сони 86 кишини ташкил қилди», — дейилади Меаделнинг баёнотида.
Ниццадаги теракт 14 июль куни кечқурун содир бўлди. Бастилия ишғол қилинган кун муносабати билан байрамона мушакбозликни томоша қилишга йиғилган кишиларни юк машинаси босиб кетди. Гувоҳларнинг сўзларига кўра, юк машинаси одамларни деярли икки километр йўл давомида босиб ўтган. Бундан ташқари, ҳайдовчи одамларга ўқ узган. Ҳодиса натижасида ўнлаб кишилар ҳалок бўлди, юзлаб кишилар жабрланди.
Изоҳ (0)