КХДРнинг Москвадаги элчихонаси учинчи котиби Ким Чхол Сон (Ким Чхор Сен) оиласи билан Жанубий Кореядан қўним топди. Бу ерда уни тегишли давлат идоралари ўз ҳимоясига олди, дея хабар беради TJournal.
Июль ойи бошларида дипломатнинг Санкт-Петербургда ғойиб бўлгани маълум бўлди: унинг хизмат квартираси бўм-бўш, телефони эса ўчирилганди. Беш кун мобайнида Шимолий Корея ваколатхонаси уни ўз кучи билан топишга ҳаракат қилди. Уринишлар натижа бермагач, полицияга мурожаат қилди ва расман унга тааллуқли маълумотларни тақдим этди.
Полиция Ким Чхол Сон парвоздан уч соат аввал чипта олиб, турмуш ўртоғи ва ўғли билан Минскка учиб кетганини аниқлади. Экспертлар ва журналистлар ўшанда у оиласи билан Европага кўчиб ўтишни режалаштирганини тахмин қилганди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Европада Пхеньянни валюта билан таъминлашга масъул Шимолий кореялик мансабдор ғойиб бўлгани билдирилганди.
Изоҳ (0)