Афғонистон шарқида вертолёт ҳалокатга учрагандан сўнг толиблар томонидан гаровга олинган Россия фуқароси ва 5 нафар покистонлик озод этилди ҳамда Исломобод ихтиёрига топширилди. Бу ҳақда Покистон ТИВ вакилига таяниб, Reuters маълум қилди, дея хабар беради «РБК».
«Афғонистонда шу йил 4 августда бедарак йўқолган ҳукумат вертолёти экипажининг 6 нафар аъзоси озод этилди ва 13 август, шанба куни Исломободга етказилди», — дейилади Покистон ТИВ баёнотида.
Россия ТИВ ҳам мазкур маълумотни тасдиқлади. Вазирлик сайтида Сергей Севастьянов яқин орада Исломободдаги Россия элчихонасига топширилиши ва юртига қайтиши ҳақида маълум қилинди. У ва Ми-17 экипажининг бошқа аъзолари озод қилиниши учун жонбозлик қилган Покистон ҳамда Афғонистон расмийларига миннатдорлик билдирилди.
Изоҳ (0)