Футбол бўйича Ўзбекистон Олий Лигасида 1-давра ҳисобидан қолиб кетган сўнгги учрашув ўз якунига етди. Тошкентда Навоийнинг «Қизилқум» клубини қабул қилган «Локомотив» 2:0 ҳисобида зафар қучди.
Учрашувнинг 4-дақиқасига келиб миллий терма жамоа принципларига тўғри келмаётгани айтилган Темурхўжа Абдухолиқов «темирйўлчилар»ни олдинга олиб чиқди. 89-дақиқада эса миллий терма жамоа принципларига мос бўлган футболчи Марат Бикмаев ҳисобнинг 2:0 бўлишини таъминлади.
«Локомотив» сафида «Насаф»дан келиб қўшилган Артур Геворкян учрашувни бошланғич таркибда ўтказди ва 80-дақиқада алмаштирилди. «Қизилқум» таркибида ҳам «Насаф»ни тарк этган футболчи — Эркин Бойдуллаев ўйнади. Шунингдек, Малайзия чемпионатидан қайтиб келган Воҳид Шодиев ҳам Навоий клубига ёрдам берди.
Ғалаба «Локомотив»ни 39 очко билан турнир жадвали пешқадамига айлантирди. Таъқибчи «Бунёдкор» ҳисобида 37 очко бор.
Мос равишда «Насаф» ва «Металлург» 28, «Пахтакор» 27, «Бухоро» ва «Қизилқум» 23 очко билан биринчи даврани якунлади.
Изоҳ (0)