Уругвай ҳуқуқ-тартибот ходимлари жиноятларнинг олдини олиш мақсадида Рио–2016 ўйинлари олдидан Бразилия билан чегарада махсус операция ўтказмоқда. Бу ҳақда мамлакат полиция хизмати бошлиғи Марио Лайера 22 июль, жума куни маълум қилди, деб хабар бермоқда «ТАСС».
«‘Лочин II’ операцияси пайшанба куни бошланди. У ҳеч қандай террорчилик ёки жиноий гуруҳга қарши реакция эмас», – деб маълум қилди Марио Лайера. Бразилия билан чегарага 400 нафар полициячи йўналтирилди. Ҳуқуқ-тартибот вакиллари қурол-яроғ, қалбаки ҳужжатлар ва хавфли буюмларни излаб, уларнинг қўшни давлатга чиқиб кетмаслигининг олдини олади.
Полиция хизмати бошлиғи Бразилия ҳукумати ушбу операциянинг амалга оширилиши ҳақида хабардор қилинганини таъкидлади. Махсус операция Олимпиада ўйинлари якунига қадар давом этади.
Маълумот учун, Рио–2016 Олимпиада ўйинлари 5–21 август кунлари, Паралимпия ўйинлари эса 7–18 сентябрь кунлари бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)