WADA мустақил комиссияси ҳисоботида тилга олинган давлат мансабдорларининг лавозимларидан вақтинчалик четлаштирилиши Россия спорт вазири Виталий Муткога дахлдор эмас, негаки у ҳисоботдан қаллобликнинг тўғридан-тўғри ижрочиси деб аталмаган. Бу ҳақда Кремль расмий вакили Дмитрий Песков баёнот берди, деб ёзмоқда «ТАСС» .
Эслатиб ўтамиз, кеча, 18 июль куни WADA мустақил комиссиясининг 2014 йилги Сочи Олимпиадасида йўл қўйилган допинг қаллобликлари юзасидан якуний ҳисоботи эълон қилинди. Унда, жумладан, қаллобликларга Россиянинг кўпгина йирик давлат мансабдорлари алоқадорлиги айтилди. Шу муносабат билан Россия президенти Владимир Путиннинг баёноти чоп этилиб, ҳисоботда тўғридан-тўғри ижрочилар сифатида тилга олинган барча шахслар лавозимларидан вақтинчалик четлаштирилиши маълум қилинди.
Песков ижрочи сифатида фақат спорт вазири ўринбосари Юрий Нагорних тилга олинганини ва натижада лавозимидан четлаштирилганини айтиб ўтди.
Изоҳ (0)