Канаданинг Онтарио провинциясидаги фермалардан бирида парранда гриппи вируси аниқланганлиги туфайли 14 мингга яқин ўрдак йўқ қилинади. Бу ҳақда CTV телеканалига таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Канада озиқ-овқат назорати агентлигининг маълумотларига кўра, H5N2 вируси Торонтодан 112 километр узоқликда жойлашган Сент-Катаринс шаҳри яқинидаги қуш фермасида аниқланди. Ферма атрофида радиуси 3 километрлик карантин зонаси ўрнатилди.
Сўнгги ўн йил ичида парранда гриппининг авж олиш ҳолати тўртинчи марта кузатилмоқда. Биринчи марта хавфли вируснинг Канадада аниқланиши 2004 йилда қайд этилган. Ўшанда Британия Колумбиясида 15 миллион, деярли барча уй паррандаси йўқ қилинганди.
А тоифасидаги (H5N1) парранда гриппи овқат ҳазм қилиш органлари ва нафас йўлларига зарар етказувчи, ўлим даражаси юқори бўлган вирус ҳисобланади. Одам ушбу вирус билан зарарланган қуш билан алоқада бўлса касаллик унга юқади. H5N1, H7N9 ва H10N8 вируслари энг хавфлиси саналади.
Изоҳ (0)