«Ўзбекнаво» эстрада бирлашмаси хонанда Лоланинг дин ва эътиқод масаласида Instagram’да ёзиб қолдирган, сўнг ўчириб ташлаган хабари юзасидан хонанда билан тушунтириш ишлари олиб боради. Бу ҳақда «Ўзбекнаво» бош директори ўринбосари Муроджон Мажидов маълум қилди, дея хабар бермоқда «Qalampir.uz».
«Хонанда Лола Йўлдошевани бирлашмага чақириб, у билан тушунтириш ишларини олиб борамиз, албатта. Шунинг билан бизнинг ваколатимиз тугайди», — деди «Ўзбекнаво» бош директори ўринбосари.
«Аввалроқ жамоатчилик фикридан келиб чиққан ҳолда унга берилган лицензиянинг амал қилиши муддатидан аввал тўхтатилган эди. Лола тарбияга чақирилгандан кейин яна лицензияси қайтариб берилди. Лицензия хонанданинг тирикчилик воситаси», — деди Муроджон Мажидов.
«Хонанданинг номақбул клип ва қўшиқларига келсак, уларни теле- ва радиоканаллар тақдим этмаса, олам гулистон. Минг афсуски, бугун қандай клип олса, телеканаллар рад этмай намойиш этяпти», — дея қўшимча қилди «Ўзбекнаво» вакили.
Хабарда «Ўзбекнаво» хонанда Лолага айнан нимани тушунтириши кераклигига ва нимани тушунтиришига аниқлик киритилмаган.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Тошқин ‘Дарё’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)