Истанбулнинг Отатурк аэропортида 28 июнь куни оқшомда юз берган террорчилик ҳаракатлари чет элликлар томонидан амалга оширилгани тахмин қилинмоқда. Бу ҳақда CNN Turk телеканалига таяниб, «РБК» хабар бермоқда.
Телеканалнинг аниқлашича, портлаш юзасидан суриштирув ишларини Туркия прокуратурасининг терроризм ва уюшган жиноятчилик бюроси олиб бормоқда. Хусусан, улар аэропортга ҳужум уюштирганлар жасадининг экспертизасини олиб бормоқда.
Cumhuriyet нашрининг ёзишича, терактни чет эллик террорчилар амалга оширган бўлиши мумкин.Туркия бош вазири Бинали Йилдиримнинг маълум қилишича, уч нафар худкуш террорчи аэропортга таксида келиб, одамларга қарата ўқ узган ва ўзини-ўзи портлатиб юборган. Мамлакат ҳукумати бу ишларнинг ортида ИШИД террорчилик гуруҳи турганини тахмин қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Туркиянинг Истанбул шаҳридаги Отатурк номли халқаро аэропортда содир этилган теракт оқибатида ҳаётдан кўз юмганлар сони 43 нафарга етгани ҳамда улар орасида Ўзбекистон фуқароси борлиги ҳақида хабар берилганди. Жароҳатланганлар сони 147 кишини ташкил қилмоқда. Ўзбекистон президенти Ислом Каримов терактлар муносабати билан Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғонга ҳамдардлик билдирди.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)