14 июнь, сешанба куни очиқ юракда операцияни ўтказган Италия собиқ бош вазири Сильвио Берлускони «кўнгилдагидек ҳолатда». Бу ҳақда 15 июнь, чоршанба куни матбуот анжуманида сиёсатчини операция қилган профессор Оттавио Альфьери ва Берлусконининг шахсий шифокори Альберто Дзангрилло маълум қилди, дея хабар беради «ТАСС».
«Операция рисоладагидек, асоратларсиз ўтди. Юракнинг қон йўлини тўсувчи қисмини алмаштирдик, ҳозир бу аъзони соғлом дейишимиз мумкин. Шу билан бирга, саломатликни тиклаш жараёни якунига етганича йўқ», — дея таъкидлаган Альфьери.
Дзангриллонинг билдиришича, бемордан 15 июнь куни эрталаб сунъий нафас бериш қурилмаси олинган. Операциядан 12 соат ўтиб Берлускони ҳамшира билан мутойиба қила бошлаган. Ҳозирда у шошилинч терапия бўлинмасида, 16 июнь, пайшанба куни оддий палатага ўтказилиши ва бу ерда яна бир ҳафта бўлиши кўзда тутилган. Қайта тикланишга эса бир ой кетиши айтилмоқда.
Шахсий шифокор Берлусконига жўшқин сиёсий фаолиятдан тийилишни тавсия қилган.
Изоҳ (0)