Американинг Техас штатида юзага келган сув тошқинлари оқибатида АҚШнинг беш нафар ҳарбий хизматчиси ҳалок бўлди. Бу ҳақда, Associated Press агентлиги маълумотига таяниб, «ТАСС» хабар берди.
АҚШ армияси (қуруқликдаги кучлари) ҳарбий хизматчиларининг юк машинаси Форт-Худ ҳарбий базаси яқинидаги ирмоқлардан ўтаётганда уни сув оқими оқизиб кетган. Натижада автомашина ағдарилиб кетган. Оқибатда уч нафар ҳарбийнинг ҳалок бўлганлиги, яна олти нафари бедарак йўқолганлиги маълум бўлган эди. Уч киши қутқариб қолинган.
База вакилларининг агентликка маълум қилишича, қутқарувчилар яна икки нафар ҳарбийнинг жасадини топган. Ҳарбийларнинг тўрт нафари ҳамон бедарак йўқолган деб қайд этилиб, улар қидирилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жала натижасида келиб чиққан сув тошқини штат ҳукуматини иккита қамоқхона маҳбусларини эвакуация қилиб, уларни бошқа жазо ўташ муассасаларига кўчиришга мажбур қилганлиги ҳақида маълум қилинган эди.
Изоҳ (0)