Венесуэла пойтахти Каракасда озиқ-овқат етишмовчилиги туфайли оммавий норозиликлар бўлиб ўтди, деб ёзади «Ведомости».
Маҳаллий ОАВлар ёзишича, дўконга гуруч ва шакар етказиб берувчи машинани Миллий гвардия хизматчилари тўхтатиб, уни озиқ-овқатлар учун нарх белгилайдиган тақсимот қўмитасига юбораётганини навбатда турган одамлар кўргач, норозилик юзага келган ва у очлик қўзғолонига айланиб кетган. Reuters ёзишича, тартибсизликларга юк машинасининг номаълум шахслар томонидан қўлга олиниши сабаб бўлган.
Намойишчилар «Ейишни истаймиз!» деган бақириқлар билан президент Николас Мадуро қароргоҳига олиб борадиган кўчага чиқиб, ундаги ҳаракатни тўхтатиб қўйди. Миллий гвардия ва полиция бўлинмалари кўзни ёшлантирувчи газ ёрдамида намойишчиларни тарқатиб юборишга уринди. Шаҳар ҳукумати вакиллари ҳам улар билан музокараларга киришишга интилди.
Маҳаллий ОАВларнинг норасмий маълумотларига кўра, камида 13 киши қўлга олинган, жабрланганлар бор.
Изоҳ (0)