Қозоғистонда 20 май, жума куни Тошкент вақти билан 2:00 дан 3:00 гача йирик халқаро сервислар, жумладан, Facebook, Twitter, «ВKонтакте», WhatsApp, Viber ва YouTube очилишдан тўхтаган, Telegram қисман ишлаган. Бу ҳақда TJournal хабар бермоқда.
Кейинги соатда — 3:00 дан 4:00 гача Олмаотада умуман интернет ишламаган, пойтахт Остонада ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар ишламаган, бироқ сайтларга мобил воситалар орқали кириш мумкин бўлган.
Блокировкаларнинг аниқ сабаби маълум эмас, бироқ маҳаллий аҳоли буни 21 май, шанба кунига мўлжалланган Қозоғистондаги ер ислоҳотларига қарши митинглар билан боғламоқда. Мазкур санада ўтказиладиган норозилик намойишлари ҳақидаги маълумот охирги ой ижтимоий тармоқлар орқали тарқалаётганди.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Ер кодексига киритилаётган тузатишлар моҳиятини аҳолига етказиб беролмагани учун миллий иқтисодиёт ва қишлоқ хўжалиги вазирлари, ҳукмрон «Нур Отан» партиясидаги ўринбосарини истеъфога чиқаргани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)