Сбербанк 2016 йил кузида Татаристонда ислом банкинги қоидалари асосида синов тариқасидаги битимларни амалга оширишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда банк бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Максим Полетаев «Россия — Ислом дунёси» форумидаги чиқиши чоғида маълум қилди, дея хабар беради Meduza.
Полетаевнинг билдиришича, Россия Марказий банки ишчи гуруҳи ислом банкинги қоидалари асосида битимларни амалга ошириш бўйича қонунчиликка ўзгартиришлар киритиш масалаларини кўриб чиқмоқда. Сбербанк ҳам бу борада эксперт гуруҳини шакллантирмоқда.
Маълумот учун, ислом дини мусулмонларга судхўрлик билан шуғулланишни ман этади, шу боис ислом банклари фоиз эвазига маблағ бермайди, жисмоний шахсларнинг маблағларини жалб этганда, уларга жамғармалардан даромад тўламайди (давлат ўрнатган инфляция учун фоизлар бундан мустасно). Россия Федерацияси қонунчилиги эса бундай молиявий муассасалар фаолият кўрсатишини тақиқлайди.
Ўтган йил охирида Россия молия вазирлиги мамлакатда ислом банкинги пайдо бўлиши «муҳокама жараёнида» эканлиги, бироқ қонунларга ўзгартириш киритилиши ҳақида гапиришнинг мавриди келмаганини маълум қилганди.
Изоҳ (0)