Перу чўли шароитида NASA мутахассислари Картошкани ўрганиш халқаро марказидаги 4500 навдаги картошканинг қайси бири Марс юзасида экиш учун энг кўп мос тушишини ўрганмоқда, деб ёзади «ТАСС».
Олимлар совуқ ҳавода ва паст атмосфера босими шароитида етиштириш мумкин бўлган картошка навини топишга умид қилмоқда — айнан шундай картошка Марс учун мос бўлади.
Тадқиқотлар Пампас де ла Жойая — Ердаги энг қурғоқчил ҳудудлардан бирида олиб борилмоқда, у ерда йилига бор-йўғи бир миллиметрга яқин ёғингарчилик тушади. Ушбу туман Марс юзасига жуда ўхшаш бўлган геологик ва иқлимий шароитларга эга Атакама чўлининг бир қисмидир.
Айни пайтда тажриба учун картошканинг 65 хил нави саралаб олинган. Улар чўлдан Лимадаги Картошкани ўрганиш халқаро маркази лабораториясига келтириладиган тупроққа экилади. Агар улар нормал тарзда ривожланса, Марс шароитига ўхшаш хонага кўчирилади.
Изоҳ (0)