Тарихдаги иккинчи британиялик астронавт Тимоти Пик 24 апрель куни Халқаро космик станцияда вазнсизлик шароитида анъанавий Лондон марафони иштирокчилари билан параллел равишда марафон масофасини югуриб ўтишга тайёр. Бу ҳақда Европа космик агентлиги астронавти Associated Press’га берган интервьюсида маълум қилди, деб ёзади «ТАСС».
44 ёшли Пик аниқлик киритишича, ХКСдаги югуриш йўлакчасини ўзлаштириб олиш учун унда етарлича вақт бўлган. Энг катта қийинчилик — бу одамга йўлакчада нисбатан мустаҳкам ҳолатда туриш ва вазнсизликда чайқалмаслик имконини берувчи тасмаларга кўникиш. Бунда тасмалар елка ва белни шилиб ташлайди.
Астронавт машқлар чоғида марафон масофасини бир неча марта ярмигача босиб ўтганини айтиб берди. Пик орбитада рекорд ўрнатишга ваъда бераётгани йўқ, у ўзини яхши ҳис қилса, тўрт ёки уч ярим соат ичида улгуришга умид қилмоқда.
Изоҳ (0)