Синай ярим оролининг шимолида жангариларнинг икки ҳужуми натижасида 7 апрель, пайшанба куни етти киши ҳалок бўлди. Улардан беш нафари полициячи ва Миср армияси офицери бўлган, деб хабар беради «РИА Новости».
Маълум қилинишича, ҳар иккала ҳужум Миср хавфсизлик кучлари транспортининг автотрасса бўйлаб Синай шимолига ўтиш вақтида содир этилган. Биринчи ҳолатда сўз зирҳли машинанинг, иккинчи ҳолатда эса армия автобусининг портлатиб юборилиши ҳақида бормоқда. Ҳалок бўлганлардан бири маҳаллий аёл эканлиги қайд этилмоқда.
Ҳужумлар ИШИД террорчилик ташкилотининг маҳаллий гуруҳи томонидан уюштирилганлиги тахмин қилинмоқда.
ИШИД экстремистик гуруҳи жаҳоннинг бир қатор мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан «террорчилик ташкилоти» деб топилган.
Изоҳ (0)