Россия президенти Владимир Путин мамлакатда Миллий гвардия тузилишини эълон қилди. Бу ҳақда «Газета.ru» хабар бермоқда.
«ИИВ Ички қўшинлари базасида ижро ҳокимиятининг янги федерал тузилмаси — Миллий гвардия ташкил этилади. Гвардия Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда ОМОН, СОБР бўлинмалари бажарган вазифалар, яъни терроризм, уюшган жиноятчиликка қарши кураш билан шуғулланади», — дея таъкидлаган Путин.
Шунингдек, Россия президенти Наркотиклар айланмаси устидан назорат федерал хизмати ва Федерал миграция хизмати Ички ишлар вазирлиги таркибига киришини эълон қилди.
Ички қўшинлар расмий вакили Василий Панченков мазкур қўшинлар ИИВ тузилмаси сифатидаги фаолиятини тўхтатиши, унинг бўлинмалари асосида тузилаётган Миллий гвардия ИИВ таркибига кирмаслиги ва алоҳида тузилма тарзида тўғридан-тўғри президентга бўйсунишини маълум қилди. Россия давлат раҳбарининг матбуот котиби Дмитрий Песков ушбу маълумотни тасдиқлаб, «Миллий гвардия раҳбари бош қўмондон, яъни президентга бўйсуниши»ни билдирди.
Ҳозиргача ИИВ Ички қўшинлари қўмондони бўлиб ишлаб келган, 2000—2013 йилларда Россия президенти хавфсизлик хизматини бошқарган Виктор Золотов Россия Федерацияси миллий гвардияси қўшинлари федерал хизмати директори — Миллий гвардия қўшинлари бош қўмондони этиб тайинланди.
Изоҳ (0)