Тошкент метрополитени йўловчиларини ҳам сарлавҳадаги савол ўйлантирган бўлса ажаб эмас. Чиндан ҳам, нега метрода жамоат ҳожатхонаси йўқ? VOT таҳририяти бу саволга жавоб топишга ҳаракат қилди.
Аввало шуни таъкидлаш лозимки, метро автобус, трамвай ёки йўналишли такси каби жамоат транспортининг бир тури. Айтайлик, автобусда шундай манзил йўқлигидан шикоят қилиш ҳеч кимнинг хаёлига келмайди. Қолаверса, метро ер устидаги исталган транспорт туридан тезроқ ҳаракатланади.
Тошкент метроси бекатлари қурилишида жамоат ҳожатхоналари лойиҳалаштирилмаган. Канализация, тозалаш иншоотлари қурилишининг ўзи ҳам муаммоли жараён, ундан ташқари, пойтахт тозалаш иншоотлари, қоидага кўра, метро сатҳидан юқорида жойлашган.
Тошкент метроси стратегик муҳим объект ҳисобланади, йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш, ёнғин ва портлашга сабаб бўладиган буюмлар қолдирилиши олдини олиш учун ҳам жамоат ҳожатхоналари қурилиши мумкин эмас. Санитария-гигиена меъёрларини ҳам унутмаслик лозим: табиий вентиляция бўлмаган ёпиқ ерости шароитида ҳожатхоналардан доимий фойдаланган тақдирда бекатлардан ёқимсиз ҳид аримай қолади.
Шу билан бирга, болалар, қария ёки ҳомиладор аёллар зарурат туғилганда хизмат ҳожатхонасидан фойдаланиши мумкин. Метро йўловчилари шундай илтимос билан мурожаат этган ҳолатлар бўлган.
Гарчи халқаро амалиёт еростида жамоат ҳожатхоналари бўлишини истисно этмаса-да, юқоридаги сабабларга кўра Тошкент метросида уларнинг пайдо бўлиши мақсадга мувофиқ эмас. Бунинг ўрнига бекатлар яқинида жамоат ҳожатхоналари жойлаштирилса ёки биоҳожатхоналар билан боғлиқ ғояларни тарғиб этилса фойдадан холи бўлмасди.
Изоҳ (0)