АҚШ суди British Petroleum 2010 йилда Мексика кўрфазида тўкилган нефть учун зарарни қоплаш мақсадида бешта штатга 18,7 миллиард доллар тўлаб бериши ҳақидаги келишувни тасдиқлади. Бу ҳақда Reuters агентлиги маълумотига таяниб, «РБК» хабар беради.
Компания ва штатлар 2015 йилнинг июль ойида юқоридаги келишувга эришган эди.
British Petroleum’нинг ҳисоб-китобига кўра, Мексика кўрфазидаги авария компанияга жами 53,8 миллиард долларга тушади. Бу суммага зарарни қоплашлар, жарималар ва тозалаш учун харажатлар киритилган.
Мексика кўрфазидаги British Petroleum бошқаруви остида бўлган Deepwater Horizon платформасида 2010 йилнинг 20 апрель куни портлаш содир бўлган эди. Авария натижасида 11 киши ҳалок бўлган ва Мексика кўрфази сувига, турли манбаларга кўра, 3,2 дан 4,9 миллион баррелгача бўлган нефть тўкилиб кетган.
Изоҳ (0)