Жорий йилнинг 29 март, сешанба куни Брюссель шаҳрида бўлиб ўтиши режалаштирилган футбол бўйича Бельгия ва Португалия терма жамоалари ўртасидаги ўртоқлик учрашуви хавфсизлик нуқтаи назаридан бекор қилинди. Бу ҳақда Бельгия қироллиги футбол иттифоқи расмий сайтига таянган ҳолда «ТАСС» хабар бермоқда.
22 март, сешанба куни Брюссель шаҳридаги «Завентем» аэропортида икки портлаш юз берди, кейинроқ шаҳар метрополитенининг «Мальбек» ва «Шуман майдони» бекатларида портлашлар содир этилгани ҳақида хабар қилинган эди.
Португалияга қарши ўртоқлик ўйинига тайёргарлик кўраётган, Марк Вильмотс бош мураббийлиги остидаги Бельгия терма жамоаси Брюсселда юз берган терактлар сабабли 22 ва 23 март кунларидаги машғулотларни бекор қилган эди.
Ўз навбатида, Голландия қироллиги футбол иттифоқи 22 март, сешанба куни мамлакат ҳукуматига Франция термасига қарши 25 март, жума куни Амстердам шаҳрида бўлиб ўтадиган ўйинни ўтказиш кераклиги ҳақида мурожаат қилди. Ушбу муносабат билан ўтказилган мажлисдан сўнг, ўртоқлик учрашувини бекор қилмаслик ҳақида қарор қабул қилинди.
Голландия термасига қарши ўйиндан сўнг, Франция терма жамоаси 29 март, сешанба куни Россияга қарши ўртоқлик ўйини ўтказади. Мазкур учрашув «Стад де Франс» стадионида бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)