Эртага, 16 март куни Осиё Чемпионлар Лигаси 3-турида Тошкентнинг «Бунёдкор» жамоаси ўз майдонида Эроннинг «Зоб Аҳан» клубига қарши баҳс олиб боради. Бўлажак учрашув олдидан ташкил этилган матбуот анжуманида «Зоб Аҳан» устози Яҳё Гулмуҳаммади ва ҳимоячи Ҳади Муҳаммади иштирок этди. Бу ҳақда «Бунёдкор» матбуот хизмати хабар бермоқда.
- Энг аввало, «Бунёдкор»га ажойиб меҳмондўстлик учун миннатдорчилик билдирмоқчиман. Ўйинга келадиган бўлсак, бизни қийин баҳс кутиб турибди. Рақиб жисмонан ва техник жиҳатдан жуда кучли футболчиларга эга. Агар биз ғалаба қозонишни истасак, у ҳолда эътиборни бир зумга ҳам сусайтирмай, хато қилмаслигимиз керак. Гол уриш учун эса тўпни кўпроқ ўзимизда сақлаб туришимиз ва яратилган ҳар қандай имкониятдан самарали фойдаланишимиз керак. Умуман олганда, эртага мухлислар учун жуда чиройли ўйин намойиш этилади, деб ўйлайман. «Бунёдкор» жудаям ҳурматга лойиқ жамоа. Уларга ҳам ғалаба сув ва ҳаводек керак, — дейди Яҳё Гулмуҳаммади.
- Ҳаммага салом! «Бунёдкор»ни жудаям кучли жамоа деб биламиз. Рақибнинг ҳимоя чизиғи жуда ҳам тартибли ўйин намойиш қилади. «Зоб Аҳан» жуда ёш жамоа. Биз эртанги баҳсга жиддий тайёргарлик кўрдик. Шу боис, энг яхши ўйинларимиздан бирини намойиш қилишга тайёрмиз, — дейди Ҳади Муҳаммади.
Шундан сўнг, «Зоб Аҳан» устози журналистларнинг саволларига жавоб қайтарди.
- Эрон клублари кўпроқ ҳимояга эътибор қаратишади. Эртага ҳам кўпроқ ҳимоя чизиғига эътибор қаратасизларми?
- Футболда энг асосийси тартибли ўйин кўрсатиш. Биз ҳам шу жиҳатдан келиб чиққан ҳолда, ҳимояни мустаҳкам ушлаб, қарши ҳужумлардан фойдаланишга ҳаракат қиламиз.
- «Бунёдкор» сафида энг хавфли футболчи деб, кимни айтган бўлардингиз?
- Рақибнинг учта ҳужумкор футболчисини алоҳида таъкидлаб ўтишни истардим. Бу «трио» (Достонбек Ҳамдамов, Элдор Шомуродов, Забиҳилло Ўринбоев) ҳар қандай вазиятдан ҳам гол уришга интиладиган, курашувчан йигитлар. Биз асосан уларни зарарсизлантиришимиз керак.
- «Зоб Аҳан» икки учрашувда атиги битта гол урди. Бу сизни ташвишга солмаяптими?
- Футболда битта гол тўрт очко олиб келиши ҳам мумкин.
Эртага, 16 март куни Тошкентдаги «Бунёдкор» стадионида бўлиб ўтадиган «Бунёдкор» – «Зоб Аҳан» учрашуви 18:00 да бошланади.
Маълумот ўрнида, ОЧЛ «B» гуруҳи 2-туридан сўнг «Зоб Аҳан» 4 очко билан иккинчи, «Бунёдкор» эса 1 очко билан учинчи ўринни банд қилиб турибди.
Изоҳ (0)