Ўзбекистоннинг иккинчи ракеткаси Фаррух Дўстов Швециянинг Йонкопинг шаҳрида давом этаётган ҳамда соврин жамғармаси 42500 еврони ташкил қилувчи «Челленжер» туркумидаги теннис турнирида ўз иштирокини якунлади, деб хабар беради «Оламспорт».
Ўзбекистонлик теннисчи иккинчи давра учрашувида франциялик Тристан Ламасинга қарши кортга чиқди. Икки соату 7 дақиқа давом этган беллашувда 3:6, 7:6, 4:6 ҳисоби қайд этилиб, франциялик теннисчининг фойдасига ҳал бўлди.
Таққослаш учун, Фаррух Дўстов ATP рейтингида 246, Тристан Ламасин эса 194-ўринни эгаллаб турибди.
Эслатиб ўтамиз, Фаррух Дўстов илк даврада Босния ва Герцеговина вакили Алдин Сеткични 7:6, 6:2 ҳисобида мағлуб этган эди. Ўзбекистонлик теннисчи Йонкопингдаги турнирнинг жуфтликлар баҳсини биринчи босқичдаёқ тарк этган.
Изоҳ (0)