Туркияда Ражаб Тоййиб Эрдўғон 2014 йили президентлик вазифасини бажаришга киришганидан бери унинг шахсини ҳақорат қилиш айблови билан 1845 та иш очилган. Бу ҳақда мамлакат адлия вазири Бакир Бўздоғ парламентдаги чиқиши чоғида маълум қилган, дея хабар беради «ТАСС».
Туркия жиноят кодексининг 299-моддасида бундай ҳуқуқбузарлик учун бир йилдан тўрт йилгача бўлган қамоқ жазоси кўзда тутилган. Мухолифат Эрдўғонни илгари камдан-кам ҳолларда фойдаланилган мазкур моддадан унинг сиёсатига қарши бўлганларни сукут сақлашга мажбур этиш учун фаол фойдаланишда айбламоқда.
Эрдўғоннинг рақиблари давлат раҳбари кескин танқидни ҳам ўз шаънига нисбатан ҳақорат сифатида қабул қилишини билдирган.
Шу тариқа, мамлакатда таниқли бўлган шахслар, журналистлар, ҳатто мактаб ўқувчилари ҳам жавобгарликка тортилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Текирдоғ вилоятида яшовчи 17 ёшли ўсмир президентни Facebook орқали ҳақорат қилгани учун ҳибсга олингани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)