Домодедово аэропорт мажмуаси собиқ директори Вячеслав Некрасов ҳамда аэропорт хавфсизлигини таъминловчи ва уни бошқарувчи тижорат тузилмалари собиқ раҳбарлари ҳибсга олинди, дея хабар бермоқда «Газета.ru».
Маълум бўлишича, Россия Тергов қўмитаси 2011 йил январида аэропортда содир бўлган теракт муносабати билан қўзғатилган хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган хизматларни кўрсатганлик ҳақидаги жиноий иш бўйича терговни кучга киритган.
Шунингдек, «Экспорт Менежмент Компани Лимитед» компанияси собиқ раҳбари Светлана Тришина ва «Домодедово Эрпорт Авиэйшен Секьюрити» ЁАЖ собиқ бошқарув директори Андрей Данилов ҳам қўлга олинган. Уларнинг барчаси «хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган ишни бажариш ёки хизмат кўрсатиш натижасида икки ёки ундан ортиқ кишининг ўлимини келтириб чиқариш» моддаси бўйича айбланмоқда.
Домодедово аэропортидаги террорчилик ҳаракати 2011 йил 24 январь куни юз берганди. Қўлбола портловчи ускунанинг ишга тушиши оқибатида 37 киши ҳалок бўлган, яна 172 киши турли даражада тан жароҳати олган.
Изоҳ (0)