АҚШ Миллий атмосфера тадқиқотлари маркази мутахассислари хулоса қилишича, атмосферанинг юқори қатламларида карбонат ангидрид миқдорининг кўпайиши геомагнит бўронларнинг Ерга таъсирини ўзгартиради. Бу эса минглаб орбитал қурилмаларнинг ишлашига таъсир кўрсатиши мумкин. Ушбу тадқиқот натижалари Geophysical Research Letters (ГРЛ) журналида эълон қилинди.

Қуёш сиртидан чиқадиган зарядланган зарралардан ҳосил бўладиган геомагнит бўронлар юқори атмосфера зичлигини ва сунъий йўлдошлар ҳаракатига қаршиликни вақтинча оширади. Бу уларнинг тезлиги, орбита баландлиги ва хизмат муддатига таъсир этади.
Компьютер моделлаштириш шуни кўрсатдики, келажакда худди шундай кучли бўронлар пайтида юқори атмосфера зичлиги ҳозирги ҳолатга нисбатан 20-50% паст бўлади, чунки бошланғич фон пасаяди. Бироқ, зичликнинг нисбий ўсиши - яъни "бўронли" ва оддий ҳолатлар ўртасидаги фарқ – ортади. Ҳозирда кучли бўрон зичликни тахминан икки бараварга оширса, аср охирига келиб бу кўрсаткич деярли уч бараварга етиши мумкин.
Бунинг сабаби шундаки, CО₂ концентрацияси ортиши билан юқори атмосфера совиб, сийраклашади: баланд қатламларда карбонат ангидрид иссиқликни атрофдаги молекулаларга узатиш ўрнига коинотга тарқатади.
Олимларнинг таъкидлашича, бундай ўзгаришлар атмосферадаги келажак шароитларни ҳисобга олган ҳолда сунъий йўлдошларни лойиҳалаш ёндашувларини қайта кўриб чиқишни талаб қилади.
“Бу космик саноат учун алоҳида аҳамиятга эга, чунки қурилмалар муайян муҳит параметрларига мослаштириб яратилади”, дейди тадқиқот раҳбари Николас Педателла.
Келажакда жамоа орбитал техника учун хавфларни аниқроқ башорат қилиш мақсадида 11 йиллик қуёш циклининг турли даврларида ҳар хил геомагнит бўронлар атмосферага қандай таъсир кўрсатишини ўрганишни режалаштирмоқда.
Изоҳ (0)