АҚШ мудофаа вазири Эштон Картер Пентагоннинг 2016—2017-молиявий йилга бюджет лойиҳаси бешта асосий таҳдидни ҳисобга олиб, ишлаб чиқилганлигини маълум қилди. Булар Россия, Хитой, Шимолий Корея, Эрон ва ИШИДдир. Бу ҳақда Meduza хабар беради.
Картернинг сўзларига қараганда, АҚШ Россия ва Хитойнинг ҳаракатларига жавобан янги қурол-аслаҳаларга қилинадиган харажатларни оширишни режалаштирмоқда. Пентагон раҳбари Россиянинг Украинага нисбатан «тажовузкорлиги» ва ХХРнинг Жанубий Хитой денгизидаги мунозарали оролларга бўлган талабларини эслатиб ўтди.
Пентагон 2016—2017-молиявий йилга 582,7 миллиард доллар сўрамоқда. АҚШнинг 2014—2015-молиявий йилдаги ҳарбий бюджети 585 миллиардни ташкил этганди.
Янги бюджетдаги энг катта харажатлар илмий-техник ишланмаларга мўлжалланган. Пентагон бу мақсадлар учун 71,4 миллиард доллар ажратишни сўрамоқда.
Шунингдек, янги бюджетда ИШИД билан курашиш учун ажратиладиган маблағлар 50 фоизга, яъни 7,5 миллиард долларгача оширилган.
Изоҳ (0)