Украина делегацияси БМТ Хавфсизлик Кенгашида Россия президенти Владимир Путиннинг Украина чегараларини шубҳа остига қўювчи, Донбасс ҳақида айтган фикрлари муҳокамасини бошлади, деб ёзади «Корреспондент.net».
Украина вакили Владимир Елченко Россия олий раҳбариятининг Украина ҳудудий яхлитлиги, суверенитети ва сиёсий мустақиллигини шубҳа остига олган ҳолда, тарихни қайта ёзишга уринишларини номақбул деб атади.
Украина делегацияси таъкидлашича, «Путиннинг гаплари бир қатор муҳим халқаро ҳужжатлар, хусусан, БМТ устави ҳамда 1975 йилги Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик бўйича Хельсинки мажлиси якуний далолатномасига зид келади».
Шунингдек, Украина делегацияси Россия Қрим ва Севастополни ноқонуний истило қилишда ҳамда Донбассга мислсиз ҳарбий тажовузни амалга оширишда давом этиб, Меморандум бўйича мажбуриятларини бузаётганини таъкидлади.
Шу муносабат билан Украина вакили Будапешт меморандумининг барча тарафдорларини ҳужжатнинг олтинчи моддасида кўзда тутилганидек, Украинанинг мавжуд чегараларига очиқдан-очиқ тажовуз қилиш бўйича зудлик билан консултациялар ўтказишга даъват этди.
Нашр эслатишича, аввалроқ Путин Донбасснинг Украинага берилишини аҳмоқлик деб атаган эди.
Изоҳ (0)