АҚШ маъмурияти мудофаа вазирлигининг Гуантанамодаги қамоқхонани ёпиш ва мамлакат ҳудудида унга ўхшаш иншоот барпо этиш режасини рад этди. Бу режани амалга ошириш учун Пентагон 600 миллион доллар сўраган, бундан 350 миллиони янги қамоқхона қурилишига ишлатилиши кўзда тутилганди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
АҚШ 1903 йилдан бери Кубадан ижарага олиб, фойдаланиб келадиган Гуантанамодаги базада 2002 йили қамоқхона ташкил этилган ва унда Америка махсус хизматлари терроризмда айблаган турли мамлакатлардан келган юзлаб одамлар ҳибсда сақланган. Уларнинг аксариятига ҳозиргача расман айблов эълон қилинмаган. Айни пайтда Гуантанамода 112 киши сақланмоқда.
Барак Обама 2009 йили президентлик лавозимини эгаллагандан сўнг қамоқхонани тугатиш юзасидан кўрсатма берган, бироқ буни амалга оширишнинг имкони бўлмаганди. Президент маъмурияти доимий равишда конгрессга мазкур қарорни қўллаш бўйича мурожаат қилади, аммо қонун чиқарувчилар буни ҳар гал рад этиб келади. АҚШнинг 2016 йил учун мудофаа бюджетига ҳам қамоқхонани ёпиш учун харажатлар киритилмаган.
Изоҳ (0)