Сўнгги кунларда бўлиб ўтган кўплаб ёғингарчиликлар оқибатида Малайзиянинг ғарбий ва шимоли-ғарбий ҳудудларида кучли тошқинлар хавфи эълон қилинган. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Хусусан, тегишли огоҳлантиришлар қиролликнинг 13 та штатидан 6 тасида, шу жумладан, 30 ноябрь, душанба куни метрополитен йўналишларидан бир нечтаси сув остида қолган пойтахтда тарқатилган. Келантан штатида маҳаллий дарёлардаги сувнинг сатҳи 10 метргача кўтарилиб, хавфли нуқтадан бир метрга ошиб кетди.
Бундан ташқари, айрим аҳоли пунктларида, айниқса қишлоқ ҳудудларида аҳолини эвакуация қилиш ишлари бошланган. Бир неча юз киши хавфсиз жойларга кўчирилди.
2014 йилнинг охирида, Малайзиянинг айрим ҳудудлари сўнгги 50 йил ичидаги энг кучли сув тошқинларини бошдан кечирди. Табиий офат туфайли тахминан ўн киши ҳаётдан кўз юмди, 100 минглаб одам ўз уйини ташлаб қочишга мажбур бўлиб, 800 миллион доллардан ортиқ иқтисодий зарар етказилди деб баҳоланди.
Изоҳ (0)