5 ноябрь, пайшанба куни Бразилиянинг жанубий-шарқидаги Минас-Жерайс штатида дамба қулаши натижасида 40 дан ортиқ киши бедарак йўқолди. Бу ҳақда мамлакат ёнғин хизмати маълумотларига таяниб, «РИА Новости» хабар бермоқда.
Ҳодиса натижасида дамба яқинида жойлашган Бенто-Родригес қишлоғи лойга кўмилган.
Мариана шаҳри ёнғин хизмати бошлиғининг сўзларига кўра, дамба қулаши оқибатида 50 дан ортиқ киши жабрланган, 17 нафар киши ҳалок бўлган.
«Бедарак йўқолганлар сони 40 кишидан ошган, аммо бу расмий маълумот эмас», — деди ёнғин хизмати бошлиғи.
Бундан олдин ҳодиса оқибатида 45 кишининг бедарак йўқолгани ва 15 кишининг ҳалок бўлганлиги ҳақида маълумот берилган эди.
Изоҳ (0)