Кеча, 25 октябрь куни Олмаота шаҳрида таэквондонинг WTF йўналиши бўйича Қозоғистон Очиқ чемпионати бошланди. Мусобақанинг дастлабки куни ҳам ёшлар, ҳам катталар ўртасидаги баҳслар бўлиб ўтди. Ўзбекистонлик спортчилар шу куни бешта медалга сазовор бўлди, деб хабар беради «Оламспорт».
Катталар ўртасидаги -54 кг вазн тоифасида даянга чиққан Баҳром Абдуллаев кумуш, -58 кг вазн тоифасидаги Тимурбек Ўролов эса бронза медалини қўлга киритди.
Ёшлар ўртасидаги мусобақада эса Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари учта медалга эга бўлди. -59 кг вазн тоифасидаги Пан Влада барча рақибларини мағлубиятга учратиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди. -63 кг вазндаги Улуғбек Тўхтасинов кумуш, -59 кг вазндаги Сардор Тоиров бронза медали билан тақдирланди.
Олимпиада йўлланмаси учун кураш олиб бораётган Ўзбекистон терма жамоасининг икки етакчи аъзолари жаҳон чемпиони Дмитрий Шокин ҳамда жаҳон вице-чемпиони Жасур Бойқўзиев мусобақадаги иштирокини 28 октябрь куни бошлайди. Ушбу турнир ғолибга Рио—2016 Олимпиадаси учун муҳим бўлган 10 рейтинг очкосини бериши билан аҳамиятлидир.
Изоҳ (0)