Ислом Каримов ташаббуси билан 15—16 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида XI Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркаси ташкил қилинди, дея хабар бермоқда ЎзА.
Ярмаркада 700 минг тонна Ўзбекистон пахта толасини сотиб олиш, мамлакатда ишлаб чиқарилган тўқимачилик маҳсулотларини етказиб бериш бўйича 800 миллион АҚШ долларидан зиёд миқдордаги шартномалар имзоланди.
Бу галги Халқаро Ўзбекистон пахта ва тўқимачилик ярмаркасига ҳам жаҳон пахта ва тўқимачилик бозорининг етакчи вакиллари истиқболдаги масалаларни муҳокама этиш ҳамда ўзаро манфаатли шартномалар тузиш учун ташриф буюрди. Жорий йилда унда қирқдан ортиқ давлатдан 1000 дан зиёд фирма ва компания мутахассислари иштирок этди.
Улар Ўзбекистон ва дунёда пахта толаси ишлаб чиқариш, савдо ва инвестицион ҳамкорликни кенгайтириш каби пахта саноатига тааллуқли кўплаб масалаларни муҳокама қилиб, ўзаро манфаатли шартномалар тузди.
Ярмарка доирасида ўтказилган конференцияда Ўзбекистон дунёда пахта етиштириш бўйича олтинчи, экспорт қилиш бўйича бешинчи ўринда туриши таъкидланди.
Изоҳ (0)