Германия полицияси 1989 йилдан бери ўлдирилган деб ҳисоблаб келинадиган аёл аслида ҳаёт эканлигини аниқлади. Бу ҳақда Interfax хабар бермоқда.
Полиция маълумотларига кўра, 24 ёшли Петра Пашитка 1984 йил, 26 июлда Брауншвейг шаҳридаги ўзи яшаб турган талабалар ётоқхонасидан чиқиб кетган ва дом-дараксиз йўқолган. Орадан беш йил ўтгач, полиция уни ўлган деб топган, қизнинг ўлимида айбдор деб ҳисобланган одам эса жиноятни бўйнига олган.
Яқинда ўғирлик бўйича суриштирув олиб бораётган полиция Дюссельдорфдаги квартиралардан бирида ижарада турган, ҳеч қандай ҳужжатларга эга бўлмаган 55 ёшли аёлга дуч келди. У бошқа исм-шариф остида яшаётганини тан олиб, аслида ким эканлигини айтган.
Маълум бўлишича, 1984 йили талаба қиз тўсатдан ғойиб бўлишга тайёргарлик кўриб, банкдаги бор пулларини олган (4 минг дойчмарка, 2 минг евро атрофида) ва бошқа ном билан янги ҳаёт бошлашга қарор қилган.
Қариндошлари тирик эканлигидан хабар топгач, у билан кўришишни истади, бироқ аёл бундан бош тортди.
Изоҳ (0)