Куба раҳбари Рауль Кастро пойтахтда жойлашган Хосе Марти номидаги халқаро аэропортда Рим папаси Францискни кутиб олди. Рим папаси Кубага 19 сентябрь, шанба куни Alitalia авиакомпаниясининг махсус рейси билан ташриф буюрди, деб хабар беради «ТАСС».
Кастро кутиб олишдаги нутқида Куба ва АҚШ ўртасидаги музокараларни қўллаб-қувватлаганлиги учун понтификка миннатдорлик билдирди. Шу билан бирга 84 ёшли сиёсатчи дипломатик алоқаларнинг тикланиши икки мамлакат ўртасидаги муносабатларнинг яхшиланишида биринчи қадам бўлганлигини ва бу жараён муаммоларни ҳал қилиб, ноҳақликни тузатиши лозимлигини таъкидлади.
Рауль Кастро, шунингдек, оролнинг Америка томонидан блокада қилинишига чек қўйилиши ва АҚШ ҳарбий-денгиз базаси томонидан оккупация қилинган Гуантанамо ҳудудининг Кубага қайтарилиши лозимлигини қайд этди.
Изоҳ (0)