АҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида ўтказилаётган жаҳон чемпионатида ўзбекистонлик яна бир спортчи финалга чиқди, деб хабар беради Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати.
Эркин кураш бўйича вазни 65 килограммгача бўлган полвонлар баҳсида Ўзбекистон шарафини муносиб ҳимоя қилаётган Ихтиёр Наврўзов 1/16 финалда Намибия, 1/8 финалда Украина, чорак финалда Мўғулистон, ярим финал беллашувида эса 2014 йилги жаҳон чемпиони Сослан Рамоновни мағлуб этиб, финалга чиқди.
Энди Ихтиёр Наврўзов жаҳон чемпионатининг олтин медаллари учун италиялик Фрэнк Чамизо Маркес билан баҳс юритади. Мазкур учрашув бугун, 11 сентябрь куни бўлиб ўтади.
Шундай қилиб, мазкур жаҳон чемпионатида Рустам Ассакаловдан кейин Ихтиёр Наврўзов ҳам совринли ўринлардан бири ҳамда 2016 йили Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ўтказиладиган Олимпиада ўйинлари йўлланмасини нақд қилиб қўйди.
Бугун, 11 сентябрда аёллар кураши бўйича -60 кг вазн тоифасида, эркин кураш бўйича эса -61 кг, -86 кг, ва -97 кг вазнда ғолиб ва совриндорлар номи маълум бўлади. Ушбу мусобақаларда ўзбекистонлик спортчилардан Умиджон Исманов (-86 кг) жаҳон чемпионатининг совринли ўринлари ҳамда Рио—2016 ўйинларининг йўлланмаси учун баҳс юритади.
Изоҳ (0)