Ўзбекистон олимпия терма жамоаси Словакиядаги ўртоқлик турнирида иштирок этди, деб хабар беради Ўзбекистон футбол федерацияси матбуот хизмати.
Терма жамоалар маркази қарорига кўра, олимпия терма жамоаси бош мураббий Виктор Жалилов миллий терма жамоа билан қолиб, Ўзбекистон U-23 термасини ушбу турнирга Дилшод Нуралиев олиб кетганди. Нуралиев бошчилигидаги жамоа йиғиндаги дастлабки ўртоқлик учрашувида Бирлашган Араб Амирликлари олимпия терма жамоаси устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувдаги ягона голни Бобур Йўлдошев киритган эди.
Ўртоқлик турниридаги иккинчи учрашувда эса ўзбекистонликлар Саудия Арабистонига қарши майдонга тушиб, 1:3 ҳисобида мағлуб бўлди. Ўзбекистон олимпия терма жамоаси киритган ягона голга захирадан майдонга тушган Забихулло Ўринбоев муаллифлик қилди. Шундан сўнг БАА ҳамда Саудия Арабистони олимпия терма жамоаларига қарши яна бир мартадан назорат учрашувлари ўтказилди. БАА билан бўлган иккинчи ўйинда ҳисоб 1:1 кўришини олди ва Ўзбекистон олимпия терма жамоаси голини Темур Ҳакимов киритди. Саудия Арабистонига қарши иккинчи учрашувда эса ҳисоб очилмади. Шу тариқа олимпия терма жамоасининг Словакия йиғини якунланди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон олимпия терма жамоаси 2016 йилнинг январь ойида Қатарда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатида иштирок этади. Осиё чемпионати финал босқичига қуръа ташлаш маросими 12 сентябрь куни бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)