Ўзбекистон ҳукумати 2015—2019 йилларда Орол денгизи ҳавзаси ҳудудидаги экологик ҳалокат оқибатларини юмшатиш учун араб молиявий институтларининг 360 миллион долларлик кредитини жалб этади, деб хабар бермоқда «Newskaz.ru».
Қайд этилишича, Ўзбекистон Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлиги жорий ҳафтада Ал Қувайт шаҳрида бўлиб ўтган Араб мувофиқлаштириш гуруҳи аъзолари йиғилишида бу бўйича келишувга эришилганини маълум қилган.
Жумладан, Орол денгизининг қуриган тубида дарахтзорлар ташкил этиш, ушбу ҳудудга кирувчи аҳоли пунктлари сув таъминоти ва канализация тизимларини ривожлантириш ва модернизация қилиш, Оролбўйидаги урология муассасаларини тиббий ускуналар билан таъминлаш сингари 7 та лойиҳа бўйича келишувга эришилган.
Маълумот учун, Араб мувофиқлаштириш гуруҳи таркибига Ислом тараққиёт банки, Саудия тараққиёт жамғармаси, Абу Даби тараққиёт жамғармаси, Қувайт Араб иқтисодий ривожланиш жамғармаси, ОПЕК халқаро ривожланиш жамғармаси киради.
Изоҳ (0)