АҚШ президентлигига номзод Хиллари Клинтон америкаликларни Россия, КХДР ва Эрон томонидан бўладиган «анъанавий таҳдидлар»дан ҳимоя қилишга ваъда берди. Бу ҳақда «РИА Новости» хабар бермоқда.
2016 йилги президент сайловида Демократик партиядан асосий номзод бўлиши кутилаётган Клинтон хоним «Россия, Шимолий Корея ва Эрон каби мамлакатлардан бўладиган анъанавий таҳдидларни кутиб олиш ва Хитой каби янги кучларнинг ўсиб бориши билан келишиш» борасида дунёнинг ҳеч бир мамлакати АҚШдан яхшироқ таъминланган эмас, деб ҳисоблайди. Хиллари Клинтон давлат раҳбари ўрнида Америка хавфсизлиги учун қўлидан келган ҳамма нарсани амалга оширишга ваъда берди.
Клинтон дастурий нутқининг асосий қисми иқтисодий масалаларга бағишланди. У, хусусан, йирик корпорациялар фойдалана оладиган расмий туйнукларни ёпиш орқали солиқ кодексига ўзгартиришлар киритиш ва кўп йиллар давомида талабалик кредитини тўлаб келаётганларга ёрдам кўрсатишни таклиф қилди. «Фаровонлик фақатгина компания президентлари ва хедж-фондларнинг менежерларида бўлмаслиги керак. Демократия – фақат миллиардерлар ва корпорацияларники эмас», - деди АҚШ собиқ президенти Билл Клинтоннинг турмуш ўртоғи ва собиқ давлат котиби Хиллари Клинтон.
Навбатдаги АҚШ президенти сайлови 2016 йил 8 ноябрь куни бўлиб ўтади. Ҳозиргача Республикачилар партиясидан ўн киши, жумладан, Арканзас собиқ губернатори Майк Хакаби, сенаторлар Тед Круз ва Ренд Пол, Hewlett-Packard’нинг собиқ бош директори Карли Фиорина, нейрохирург Бен Карсон, Пенсильваниянинг собиқ сенатори Рик Санторум, шунингдек, АҚШнинг 43-президенти Жорж Бушнинг укаси – Жеб Буш кабилар сайловда иштирок этиш истагини билдирди.
Демократлардан эса ҳозирча тўрт киши президент сайловида иштирок этиш ниятида. Улар орасида, Клинтондан ташқари, Мериленднинг собиқ губернатори Мартин О'Мелли ва сенатор Берни Сандерс, шунингдек, Род-Айленднинг собиқ губернатори Линколн Чейфи бор.
Изоҳ (0)