Хитойнинг Ухань шаҳрида енгил атлетика бўйича катталар ўртасида ўтказилган Осиё чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 2 та олтин, 1 та кумуш ва 1 та бронза медалига сазовор бўлиб, умумжамоа ҳисобида 7-ўринни эгаллади. Бу ҳақда Ўзбекистон Миллий олимпия қўмитаси матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ўзбекистон терма жамоаси ҳисобига олтин медалларни Светлана Радзивил (баландликка сакраш) ва Екатерина Воронина (еттикураш) келтирди. Найза улоқтириш мусобақасида Бобур Шокиржонов кумуш (79 м 09 см), 10 километр масофага югуриш баҳсида иштирок этган Андрей Петров (30 дақиқа-ю 20.68 сония) эса бронза медалига сазовор бўлди.
Осиё чемпионатида 15 та олтин, 13 та кумуш ва 13 та бронза медалини қўлга киритган Хитой терма жамоаси умумжамоа ҳисобида биринчи, қатарлик атлетлар иккинчи (7-2-1), Ҳиндистон вакиллари эса учинчи (4-5-4) ўринни банд этди.
Ушбу жадвалда Япония термаси тўртинчи (4-3-11), баҳрайнликлар бешинчи (3-3-2) ва ниҳоят БАА атлетлари олтинчи (3-1-0) ўринларни банд этди. Кучли ўнликдан Хитой Тайпейи (1-4-1, 8-ўрин), Қозоғистон (1-3-3, 9-ўрин) ва Жанубий Корея терма жамоаси (1-1-1) жой олди.
Изоҳ (0)