2015 йил 3 июнь куни Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг «Тафаккур» ўқиш залида замонавий рус тили асосчиси, буюк рус шоири, драматург ва носир Александр Сергеевич Пушкин таваллудига бағишланган «Қалбнинг ажиб шиддати» деб номланган китоб-расмли кўргазма очилди. Бу ҳақда Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси сайти хабар бермоқда.
Кўргазмада буюк шоирнинг болалик, ўсмирлик ва ёшлик давридан, ўқиш ва сургун йилларидан, унинг ўлими тарихи ва авлодлари ҳақида ҳикоя қилувчи китоблар намойиш этилган. Бу ерда Пушкиннинг ҳаёти, ижоди ва фалсафий фикрлашини ўрганишга бағишланган илмий изланишлар, унинг асарлари шарҳи кўргазмада алоҳида ўрин тутади.
Шунингдек, мазкур кўргазмада фойдаланувчилар эътиборига Пушкиннинг танланган асарлари, поэмалари, ҳикоялари, балладалари, хатлари, изоҳлари, доно ҳикматлари, афоризмлари ҳамда унинг ўз матнларига чизган «Пушкин қўли билан» расмлари жамланмаси ҳавола этилган. Пушкиннинг жаҳон адабиёти ва маданиятига қўшган ҳиссаси беқиёсдир. Унинг 16 банддан иборат тўлиқ асарлар тўплами ҳозирги кунда энг тугал мажмуаси ҳисобланади.
Кутубхона фойдаланувчилари кўргазмада мазкур 16 бандли мажмуа ва Пушкиннинг «Евгений Онегин», «Пиковая дама», «Борис Годунов», «Капитан қизи» асарлари билан танишади. Кичик китобхонларни эса Пушкиннинг ёрқин расмлар билан бойитилган «Поп ва унинг хизматкори Балда ҳақида эртак», «Шоҳ Султон ҳақида эртак», «Балиқчи ва балиқ ҳақида эртак», «Олтин хўрозча ҳақида эртак» каби эртак китоблари бефарқ қолдирмайди.
Кўргазмага ташриф буюрган фойдаланувчилар Ўзбекистон Миллий кутубхонаси китоб фондида мавжуд Пушкиннинг ҳаёти ва ижодига даҳлдор адабиётлар билан танишади.
Изоҳ (0)